Жанубий Корея парламенти Спикери Пан Бён Сок: Ўзбекистон сўнгги йилларда ҳар жиҳатдан ўзгаргани, барча соҳаларда тараққиёт суръати сезиларли даражада ўсгани, ўзбек халқининг эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланаётганига гувоҳ бўлдим
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Жорий йил 31 март - 8 апрель кунлари Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пан Бён Сок бошчилигидаги делегация Марказий Осиё мамлакатларида бўлди.
Ташриф давомида Жанубий Корея парламенти вакиллари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда бўлиб, ушбу мамлакатларда қатор учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
30 кишидан ортиқ делегация таркибида Корея Республикаси парламентининг давлат бошқаруви, молиявий сиёсат, савдо ва саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлар бўйича қўмиталарга аъзо депутатлар ҳам жой олган эди.
Бугун Пан Бён Сок бошчилигидаги делегация Сеулга қайтиб келди. Инчон халқаро аэропортида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Феннинг Пан Бён Сок билан қисқа мулоқоти бўлиб ўтди.
Пан Бён Сок ташрифдан олган таассуротлари ҳақида гапирар экан, Ўзбекистонда ўтказган барча учрашув ва мулоқотлари самарали ва сермазмун бўлганини эътироф этди.
— Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув дўстона, самимий ва очиқ руҳда ўтди, - деди сиёсатчи. - Биз мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида гаплашдик. Суҳбат чоғида соғлиқни сақлаш, таълим, мактабгача таълим, инновацион ривожланиш ва бошқа қатор йўналишлардаги алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан бўлиб ўтган музокаралар ҳам натижаларга бой бўлди.
Тошкентдаги Корея маданияти ва санъати уйида корейс миллатига мансуб аҳоли билан кўришиб, Ўзбекистонда уларга берилаётган эътибордан бошимиз осмонга етди.
Айниқса, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва самимийлиги менда катта таассурот қолдирди. Сафар давомида улуғворлик ва қадим тамаддунни ўзида акс эттирган Самарқанд шаҳрида ҳам бўлдик. Тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар билан танишар эканман, мамлакатингизнинг қадимий тарихини ва бой маданиятини ўзимда ҳис қилдим, аждодларингизнинг илм-фан ва бунёдкорлик борасидаги юксак салоҳияти ўзига ром этди.
Ўзбек миллий таомларига алоҳида тўхталишим лозим. Қўли гул ошпазлар томонидан тайёрланган сарҳил таомларнинг мазаси ҳеч қачон ёдимиздан чиқмаса керак.
Юртингизда бир неча маротаба бўлганман. Бу галги ташрифимда Ўзбекистон ҳар жиҳатдан ўзгарганига, барча соҳаларда тараққиёт суръати сезиларли даражада ўсганига, шаҳару қишлоқларингизда юзлаб ҳашаматли бинолар қад кўтараётганига, энг муҳими, ўзбек халқининг эртанги кунга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланаётганига гувоҳ бўлдим. Юртингизда яратилган қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити хорижий ҳамкорлар сони ошишида муҳим омил бўлаётганига амин бўлдим. Айниқса, иқтисодиёт соҳасида қилинаётган ишлар эътиборни тортди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим, Ўзбекистон раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона ички ҳамда ташқи сиёсат халқингизнинг бахтли ҳаёт кечириши, юрт тинчлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдан муносиб ўрин эгаллашига қаратилган.
Ўзбекистонда бўлиб ўтган учрашув ва музокараларда эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда, қолаверса, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлишига ишончим комил.
/“Дунё” АА/.