Рейнхольд Лопатка: Биз Европа ва Марказий Осиё ўртасида хавфсиз, барқарор ва ишончли алоқаларни ўрнатишдан манфаатдормиз
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Европарламент депутати, Европа халқ партияси гуруҳининг Ўзбекистон бўйича маърузачиси Рейнхольд Лопатка Самарқандда бўлиб ўтган "Марказий Осиё-Европа Иттифоқи" биринчи саммити арафасида "Дунё" АА мухбирига берган интервьюсида мазкур анжумандан кутилаётган амалий натижалар ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрлари билдирди.
– Жаноб депутат, Самарқандда бўлиб ўтган "Марказий Осиё–Европа Иттифоқи" биринчи саммитининг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
– Самарқандда бўлиб ўтадиган "Европа Иттифоқи – Марказий Осиё" саммити муносабатларимиз тарихидаги муҳим босқич бўлиб, бир қатор йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга сезиларли туртки бериши ва ҳисса қўшиши мумкин.
Мен Европа халқ партияси гуруҳининг Ўзбекистон бўйича маърузачиси сифатида ушбу саммитни муҳим рамзий ва амалий босқич деб биламан. Бу Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги шериклик рамзи бўлиб, тобора мураккаблашиб бораётган ва кўп қутбли дунёда биргаликда ишлашга бўлган умумий интилишимизни акс эттиради.
Анжуманда Европа Иттифоқининг халқаро иттифоқларини диверсификация қилиш нияти ҳам таъкидланади. Марказий Осиё халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди, муҳим географик жойлашувни эгаллайди ва яқин ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларга эга. Сўнгги йиллардаги геосиёсий силжишлар барчамизни иқтисодий қарамликлар, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, савдо тармоқлари ва дипломатик доираларга эътибор қаратишга ва қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Саммитнинг амалий натижалари жуда ҳам муҳим. Муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш барқарор энергия, савдо ва инвестициялардан тортиб хавфсизлик, рақамли трансформация ва одамлар ўртасидаги алоқаларгача бўлган масалаларда янада яқинроқ ҳамкорлик қилишимизни англатади.
– Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик шерикликнинг энг истиқболли ва устувор йўналишлари сифатида нимани кўряпсиз?
– Бизнинг ҳамкорлигимиз барча мумкин бўлган йўналишларда, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик, барқарор алоқа, энергия алмашинуви ва инновациялар ва бошқа кўплаб мавзуларда қурилиши керак.
Савдони осонлаштиришни такомиллаштириш, бозорга киришни яхшилаш ва стандартларни уйғунлаштириш иқтисодиётларимизни янада чуқурроқ интеграция қилиш имконини беради.
Европа Иттифоқининг "Глобал дарвоза" ташаббуси савдо йўлларини кенгайтирувчи, логистикани яхшилайдиган ва тўсиқларни камайтирадиган инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш орқали муҳим роль ўйнаши мумкин.
Биз Европа ва Марказий Осиё ўртасида хавфсиз, барқарор ва ишончли алоқаларни ўрнатишдан манфаатдормиз.
"Яшил" ўтиш ҳам ҳамкорлик учун катта имкониятларга эга. Марказий Осиё сув танқислигидан тортиб, иқлим ўзгариши таъсиригача бўлган экологик муаммоларга дуч келмоқда, бироқ у тоза энергия, айниқса қуёш ва шамол учун жуда катта ресурсларга эга. Европа Иттифоқи технология трансфери, салоҳиятни ошириш ва қайта тикланувчи энергия инфратузилмасига сармоя киритиш орқали минтақани қўллаб-қувватлаши мумкин.
Бу соҳаларнинг барчаси бир-бирига ўзаро боғлиқ. Стратегик ҳамкорлик деганда биз улардан бирини ёки иккитасини танламаймиз, балки барча жабҳаларда яхлит, мувозанатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликда ишлаймиз.
– Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда Европарламентнинг ўрни қандай баҳолайсиз?
– Европа Парламенти парламент аъзолари, шунингдек, дипломатлар, фуқаролик жамияти, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар ўртасида сиёсий даражада Европа Иттифоқи ташқи алоқаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашда ўзига хос ўринга эга. Марказий Осиё билан муносабатлар контекстида бизнинг ролимиз учта асосий йўналишни қарам олади. Булар Европа Иттифоқи дастурларини назорат қилиш, дипломатия ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдир.
Парламент кучли назорат функциясига эга. Биз келишувларнинг бажарилишини назорат қиламиз, Европа Иттифоқи маблағлари масъулият билан сарфланишини таъминлаймиз ҳамда Европа комиссияси ва Европа ташқи ҳаракатлар хизматини жавобгарликка тортамиз. Ўзбекистон ва унинг қўшниларига келсак, биз Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар доирасидаги ўзгаришларни кузатяпмиз.
Биз парламент дипломатияси билан ҳам шуғулланамиз. Европа Парламенти делегациялари ва парламентлараро учрашувлар қонун чиқарувчилар билан бевосита мулоқот каналларини яратиш имконини беради. Ушбу тадбирлар устуворликлар ва қонунчилик кун тартиби бўйича ўзаро тушуниш ҳамда келишувни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Европарламент шунчаки кузатувчи эмас, у фаол ва конструктив ҳамкордир. Биз Марказий Осиёга янада фаровонлик, тинчлик ва демократик барқарорлик йўлида яқин ҳамкор бўлиш тарафдоримиз.