Нью-Йоркда Цивилизациялар ўртасидаги халқаро мулоқот куни муносабати билан БМТнинг мавзули тадбири бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида тарихда илк бор Цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини нишонлашга бағишланган юқори даражадаги тематик тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбир Хитой ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари, БМТнинг Цивилизациялар альянси (UNAOC) томонидан Миср, Перу ва Испания томони билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 7 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Хитой, Ўзбекистон ва бир қатор аъзо давлатлар ҳамкорлигида 10 июнь санасини Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилган эди. Дунёнинг турли географик қисмларини ифодаловчи 80 дан ортиқ мамлакатлар ушбу ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди, бу эса унинг кенг глобал қўллаб-қувватланиши ва долзарблигини англатади.
Тадбирда 150 га яқин меҳмон, жумладан, аъзо давлатларнинг доимий вакиллари, элчилар, дипломатлар, БМТ раҳбарияти, илмий ва таълим доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчиларига Хитой Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Бош Ассамблеянинг 79-сессияси раиси Филемон Янг, шунингдек, Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази директори Жефри Сакс видеомурожаат йўллади.
Антониу Гутерриш, ўз мурожаатида БМТ бошиданоқ ишонч асосида қурилганини қайд этиб, мулоқот тинчликка йўл эканини таъкидлади. Муросасизлик, ксенофобия ва Интернетда дезинформациянинг тарқалиши шароитида мулоқот халқлар ўртасида ишонч ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
БМТ раҳбари йигирма йил давомида глобал мулоқот майдонига айланган Цивилизациялар альянси фаолияти муҳимлигини таъкидлади. "Халқаро кун ҳаракатга чақириш - тинглаш, гапириш ва бўлинишларни эмас, балки мулоқотни излаш учун мўлжалланган. У хилма-хиллик, ҳамжиҳатлик, қадр-қиммат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш асосида инсониятни бирлаштиришга чақиради", – деди БМТ Бош котиби.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов мамлакатимизнинг бой тарихий меросига тўхталар экан, Ўзбекистон азалдан ислом цивилизацияси маркази бўлиб, у ерда буюк аллома ва мутафаккирлар яшаб, инсониятга бебаҳо маънавий мерос қолдирганини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигидаги Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан сифатида бағрикенглик, миллатлараро ва динлараро тотувлик маданиятини юксалтириш белгилаб олингани алоҳида урғуланди. Шу нуқтаи назардан, тенглик, адолат тамойилларига амал қилиш, маданий ва диний хилма-хилликка ҳурмат кўрсатишга чақирувчи мамлакатимиз раҳбариятининг ташаббуси – "Умумий тинчлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббуси" қайд этилди. Ўзбекистон барча давлатлар ва халқаро шериклар билан мулоқотни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш, янада тинч ва адолатли дунё барпо этиш йўлида келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр экани тасдиқланди.
Асосий сессиядан сўнг иштирокчилар "Мулоқот акс-садоси: ўзаро боғланган жаҳон мероси" кўргазмаси ва "Чегарадан ташқари: санъатдаги маданиятлар мулоқоти" маданий дастурининг очилишида иштирок этишди. Уларда дунёнинг турли минтақаларидаги анъанавий ва замонавий санъат турларининг бадиий ўзаро таъсири намойиш этилди.